Каримов Фондининг стипендиатлари
Халқаро хотин-қизлар куни арафасида ушбу пост ва видеолавҳани Каримов Фондининг таълим грантларига сазовор бўлган иқтидорли, доно ва оқила қизларга бағишламоқчимиз.
Сўнгги 4 йил мобайнида, 6 нафар Ўзбекистонлик қизлар Европа олийгоҳларида икки йил давомида ўқиш имконини берувчи Каримов Фондининг таълим грантларига сазовор бўлдилар. Ҳозирда улар Ангалт амалий фанлар университети (Германия), Познан санъат университети (Полша), МАРШ Москва архитектура мактаби (Россия), Оммавий ахборот воситалари, алоқалар ва бизнес мактаби (Германия) каби ўқув масканларининг магистратурасида таҳсил олмоқдалар.
Каримов Фонди 2016 йилда Мустақил Ўзбекистон асосчиси ва Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ташкил этилган. Фонд фаолиятининг асосий йўналишларидан бири иқтидорли ёшларни чет элда таълим олишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Ислом Каримов томонидан асос солинган «Умид» жамғармаси фаолияти мобайнида 84 нафар қизлар АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япониянинг етакчи олий ўқув юртларида таълим олган эдилар. «Умид» жамғармаси Ўзбекистоннинг кўпгина иқтидорли ёшларига порлоқ истиқбол сари йўлланма берган эди ва Каримов Фонди ўз фаолиятида ушбу хайрли ишни давом этишга интилмоқда.