Каримов Фондининг хорижда таҳсил олиш учун грантлар танловининг саралаш босқич имтиҳонлари
Шу кунларда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида Каримов Фондининг хорижда таҳсил олиш учун грантлар танловининг икки саралаш босқич имтиҳонлари бўлиб ўтди.
Хорижий тил бўйича имтиҳонда Республикамизнинг барча ҳудудларидан бўлган 150дан ортиқ номзод иштирок этдилар. Биринчи босқичдан муваффақиятли ўтган ёшлар мутахассисликлари бўйича билимларини синаб кўришга қаратилган имтиҳон топширдилар.
Номзодлар яна бир неча босқичлардан ўтишлари лозим бўлади. Танловнинг сўнгги босқичи эса Европа университетларига кириш учун талаб қилинадиган IELTS имтиҳони ва хорижий тил билимларини баҳолаш тизимининг бошқа тестларидан иборат.
Каримов Фондининг тўртинчи грантлар танлови натижаларига кўра, ғолиблар Европанинг пешқадам олийгоҳларида 2020-2022 йилларда таълим олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Сўнгги 3 йил мобайнида, 32 нафар ўзбекистонлик йигит ва қизлар Каримов Фондининг таълим грантлари орқали Германия, Франция, Италия, Швейцария, Россия ва Польшанинг пешқадам олийгоҳларида таълим олиш имкониятига эга бўлдилар.