«Kitob Olami» мажмуасида Абдулла Қодирий қаламига мансуб “Ўткан кунлар” романининг инглизча нашри тақдимоти
Тошкентдаги «Kitob Olami» мажмуасида Абдулла Қодирий қаламига мансуб “Ўткан кунлар” романининг инглизча нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Романнинг инглиз тилига таржимаси Каримов Фонди томонидан амалга оширилган бўлиб, мазкур нашр яқин кунларда “Китоб олами” дўконида сотувга чиқади. Сотувдан тушган маблағлар Абдулла Қодирий номидаги жамғарма ва Қодирийнинг Уй-музейига ўтказилади.
Тақдимот маросимида ижодий доира вакиллари, олий ўқув юртларининг мураббий ва талабалари иштирок этдилар. Абдулла Қодирийнинг невараси Хондамир Қодирий; Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, қодирийшунос Баҳодир Каримов; Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов ва Каримов Фонди Бошқарув раиси Ботир Убайдуллаев сўзга чиқдилар.
Каримов Фонди ва Абдулла Қодирий номидаги жамғарма вакиллари томонидан шартнома имзоланди, унга кўра Каримов Фонди “Ўткан кунлар” романи инглиз ва ўзбек тили нашрининг маълум қисмини Абдулла Қодирий номидаги жамғармага топширди. Ўз навбатида, Абдулла Қодирий номидаги жамғарма ва “Китоб олами” МЧЖ орасида китоб сотувидан тушган маблағларни Абдулла Қодирий номидаги жамғарма ва ёзувчининг Уй-музейини ривожлантириш учун Абдулла Қодирий номидаги жамғармага ўтказиш ҳақида шартнома имзоланди.
Китоблар яқин кунларда “Китоб олами” савдо дўконида сотувга чиқади.
“Каримов Фондига оиламиз, қолаверса, бутун ўзбек халқи номидан романни таржима қилиб чоп этгани ҳамда Абдулла Қодирий номидаги жамғармага мана шундай ёрдам бераётгани учун миннатдорлик билдираман. Ота-боболарим романнинг чет тилларига таржимаси ҳақида орзу қилган эдилар”, – дея таъкидлади Хондамир Қодирий.
Эслатиб ўтамиз, ўзбек романчилигининг илк намунаси саналган дурдона асар Каримов Фонди кўмагида инглиз тилига ўгирилиб, “Nouveau Monde Editions” француз нашриёти томонидан чоп этилган эди. Роман ўттиздан зиёд бадиий асарни таржима қилган Буюк Британиялик адабиётшунос Кэрол Ермакова томонидан инглиз тилига ўгирилди. Таржимага Жули Уикенден муҳаррирлик қилди. Атоқли ўзбек рассоми Бобур Исмоилов роман учун бадиий безак суратлари ишлади.
“Марузага кирганимда, талабалардан, “Ўткан кунлар” романини ўқиганмисизлар, деб сўрайман. Вақти келиб, бу роман Франц Кафканинг “Жараён”, Федор Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” ва жаҳон адабиёти бошқа дурдоналари қаторидан жой олишига аминман,” – дея ният билдирди қодирийшунос Баҳодир Каримов.
Роман асосида суратга олинган илк кинолентада Азизбек ролини, иккинчи кинолентада Юсуфбек Ҳожи ролини ижро этган Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедовнинг айтишича, мазкур асар Президент Ислом Каримовнинг севимли бадиий асарларидан бири бўлган.
Адиб ижоди Ватанимиздан ташқарида у қадар танилмаганлиги сабабли Каримов Фонди ҳорижлик китобсеварлар учун романнинг инглизча нашрини чоп этди. Романнинг ўзбек тилидаги совғабоп нашри ҳам Фонд томонидан лотин алифбосида чоп этилди.
Романнинг инглиз тилидаги нашри ёшларимиз томонидан ўзгача қизиқиш билан кутиб олинди. Китоб борасида Фондимизга кўплаб мурожаатлар бўлди. Ана шуларни инобатга олиб, янги нашр юртимиз маърифат масканлари ҳамда ташкилотлар кутубхоналарига тақдим этилди.