Лола Тилляеванинг «Sen Yolg‘iz Emassan» Фонди таклифига биноан франциялик кардиожарроҳ – профессор Оливье Барон Тошкентга ташриф буюрди.
Lola Tillyaevaнинг “Sen Yolg‘iz Emassan” Фонди туғма юрак нуқсони билан хасталанган Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва кам таъминланган оила фарзандларини операция қилишда давом этмоқда. Фонд таклифига биноан франциялик кардиожарроҳ – профессор Оливье Барон оғир туғма юрак нуқсони билан хасталанган болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва мураккаб операцияларни амалга ошириш мақсадида Тошкентга ташриф буюрди.
Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан бўлган эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, жами қирққа яқин бола тиббий кўрикдан ўтказилади. Кўрик натижаларига кўра, жарроҳлик амалиётига юрак хасталигининг энг оғир шаклига эга, соғлиғи операцияни кўтара оладиган 7-8 нафар кичик бемор танлаб олинади.
«Sen Yolg‘iz Emassan» Фондининг хайрия акцияси 22-28 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги «Eramed» клиникасида ўтказилади. Ушбу хайрия дастури доирасида франциялик мутахассислар юрак хасталигига чалинган болаларни даволашда ёрдам бериш учун Ўзбекистонга 18-чи маротаба ташриф буюрмоқдалар.
«Sen Yolg‘iz Emassan» жамғармаси ота-она қарамоғисиз қолган ва кам таъминланган оила фарзандларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш мақсадида 2002 йилда ташкил этилган.
Фонднинг молиявий кўмаги билан 2015 йилдан бери франциялик етакчи кардиожарроҳлар томонидан кам таъминланган оила фарзандлари ва Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига 140 дан зиёд мураккаб юрак операциялари бажарилган бўлиб, улардан 21 таси Франциянинг Нант шаҳри педиатрия клиникасида амалга оширилди