«Нажот топган юраклар» – Мухаммадиёр
Муҳаммаддиёрга туғма юрак нуқсони ташхиси қўйилганида у ҳали уч ёшга тўлмаган эди. Болакайнинг соғлиғи жуда заиф, тез-тез шамоллаб турар эди. Шу боис шифокорлар шошилинч операция зарурлигини айтар эди.
Муҳаммаддиёрнинг оиласига Лола Тиллаеванинг “Sen Yolg’iz Emassan — You are not alone foundation” фондига мурожаат қилишни тавсия қилишди. 2023 йил март ойида Фонднинг тўлиқ молиявий кўмаги билан француз кардиожарроҳлари болага очиқ юрак операциясини ўтказдилар. Операция 8 соатдан ортиқ давом этди ва муваффақиятли ўтди.
Ҳозир Муҳаммаддиёрнинг аҳволи сезиларли даражада яхшиланган. Бола мактабда таълим олади, тенгдошлари билан футбол ўйнайди, ҳаётдан завқланиб яшамоқда.
Лола Тиллаеванинг “Sen Yolg’iz Emassan” фонди 2002 йилда ота-она қарамоғисиз қолган ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари болаларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган. 2015 йилдан буён Фонднинг молиявий кўмагида франциялик етакчи шифокорлар томонидан Ўзбекистондаги Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва кам таъминланган оилалар фарзандларига 140 дан ортиқ мураккаб юрак жарроҳлик операциялари ўтказилди, улардан 21 таси Франциянинг Нант шаҳридаги болалар клиникасида амалга оширилди.