Назирабонунинг ҳикояси
Акбаралиева Назирабону туғма юрак нуқсони билан дунёга келган. Касаллик қизалоқда беш ёшлигида аниқланган бўлиб, ривожланиб келган церебрал фалаж туфайли, бу ташхис янада мураккаблашган.
Қизалоқнинг ота-онаси, унинг ҳаётини асраб қолиш мақсадида, ҳамма ердан ёрдам излашади. Лола Каримова-Тилляеванинг «Sen Yolg’iz Emassan» Фонди кўмагида, 2017 йилнинг декабрь ойида Назирабону етти ёш бўлганида унга франциялик жарроҳ Оливье Барон томонидан очиқ юрак операцияси ўтказилди.
“Биз Фондга мурожаат қилдик ва 2 ойдан сўнг, қизимни операция қилишга бизни таклиф қилишди. Ҳозир Худога шукур, у ўзини яхши ҳис қиляпти”, – дейди Назирабонунинг онаси Маъмурахон Хайдарова. Фонд қизалоқни қўллаб-қувватлашда давом этиб, энди Назирабону Республика болалар ижтимоий мослашуви марказида даволаниб келмоқда.
«Sen Yolg’iz Emassan» Фондининг молиявий кўмаги билан шу кунга қадар франциялик кардиожарроҳлар томонидан ўзбекистонлик кам таъминланган оила фарзандлари ва Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига 130дан ортиқ мураккаб юрак операциялари бажарилди, улардан 21 таси Франциянинг Нант шаҳридаги клиникада амалга оширилди.