Notice: Function _load_textdomain_just_in_time was called incorrectly. Translation loading for the wordpress-seo domain was triggered too early. This is usually an indicator for some code in the plugin or theme running too early. Translations should be loaded at the init action or later. Please see Debugging in WordPress for more information. (This message was added in version 6.7.0.) in /home/httpd/vhosts/fondkarimov.uz/httpdocs/wp-includes/functions.php on line 6114
«Отамнинг оламдан ўтган кунларида, уларнинг руҳларини қизлари сифатида фақат мен билган хислатлари билан ёдга олмоқчиман.» Лола Тилляева - ФОНД КАРИМОВА
Ислом Каримов Фонди

«Отамнинг оламдан ўтган кунларида, уларнинг руҳларини қизлари сифатида фақат мен билган хислатлари билан ёдга олмоқчиман.» Лола Тилляева

«Отамнинг оламдан ўтган кунларида, уларнинг руҳларини қизлари сифатида фақат мен билган хислатлари билан ёдга олмоқчиман. Барчамиз кимнидир фарзандимиз, ва яқинларимиз жудолигини бошдан кечириш жуда оғир. Улар хотирамизда ёрқин ва абадий яшаб қоладилар. Бу қанчалик ғайриоддий туйилмасин, лекин вақт ўтиши билан биз улар билан янада яқинроқ бўламиз ҳамда инсон танаси бу шунчаки уни ердаги ҳаёт йўли узра олиб борувчи қолип эканини тушиниб етамиз. Эртами-кечми қолип қариб, синади ва бу дунёга тегишли бўлган нарса уни тарк этади. Инсон руҳи эса абадий. Бир- бирига яқин бўлиши учун руҳларга тана керак эмас. Руҳни ёдга олар эканмиз, кўзимизни юмиб, унга табассум қиламиз. Бугун мен шу каби ёрқин табассум ила отамни ёд олмоқдаман.

Ушбу постни эса мен отамни руҳи поклари хилват топган жойнинг тарихига бағишламоқчиман.

Агар Самарқандда туғилиб ўсган бўлсангиз, сиз ушбу суратдаги кўчани эҳтимол танийсиз. Ушбу кўча ўтмиш ва ҳозирги давр, фоний ва боқий дунёлар ўртасидаги маконни боғлаб туради. Ўнг томонда Самарқанддаги энг қадимги қабристон жойлашган, чап томондаги тепаликда эса Президент мақбараси ва энг муҳим қадимги обидалардан бири бўлмиш, ва ЮНЕСКО бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига кирган Ҳазрат Хизр масжиди жойлашган.

Ҳазрат Хизр масжиди кўҳна Самарқанднинг энг мўтабар жойларидан бўлиб, шаҳарнинг энг баланд тепалигида жойлашган. Бу ердан муаззам шаҳарнинг гўзал тарихий обидалари, шулар қаторида Самарқанднинг юраги бўлмиш Регистон майдони, мовий гумбаз ва миноралар ҳамда Бибихоним масжидининг гўзал манзараси намоён бўлади.

Ҳазрат Хизр Самарқандда бунёд этилган биринчи масжид бўлиб, VIII асрда Қутайба ибн Муслим раҳнамолигида қурилган. Масжид қадимда шаҳардан ташқарида жойлашган бўлиб, ушбу зиёратгоҳ Шарқ ва Ғарбни боғлаган муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашган ва баландликдан туриб Буюк ипак йули бўйлаб Ҳиндистон, Хитой ва Эрондан қатновчи карвонларни шаҳарга кириб келишига гувоҳ бўлган. Ривоят қилишларича, айнан шу жойда масжидни барпо этишни Қутайба ибн Муслимга Ҳазрат Хизр буюрган эканлар.

Ҳазрат Хизр Иброҳим пайғамбардан сўнг яшаган авлиё бўлганлар. Аллоҳ бу мўтабар зотни ўз марҳамати ва бебаҳо билим билан ёрлақаган. Уламолар Қуръони Каримнинг “Каҳф” сурасида “Аллоҳнинг бандаси” деб тилга олинган шахсни Ҳазрат Хизр деб талқин қиладилар. Ушбу сурада Ҳазрат Хизр Мусо алайҳиссаломни сабр қилиб, ўзи билмаган ва маъносини тушунмаган нарса ва ҳаракатлар учун инсонлардан ғазабланмасликка ва уларни қораламасликка ўргатган. Хизр сўзи «яшил» деган маънони англатади, ва ривоятларга кўра, у киши саҳрони ҳам ям-яшил кўкатлар билан гуллатишлари мумкин бўлган.

Ҳазрат Хизр номи билан кўп ривоят ва ҳикоятлар боғлиқ. Бирида айтилишича, Ҳазрат Хизр ҳар бир инсонга умри мобайнида камида бир маротаба учрайдилар ва у инсонга турли киёфада кўринишлари мумкин. Кўришганда у киши билан яхши муомалада бўлган инсонни дуо қилар эканлар. У зотни учратганда ушбу нотаниш инсонда Ҳазрат Хизрни таниган кишига эса ҳақиқатан катта омад кулиб боқар экан.

XIII аср бошида Ҳазрат Хизр масжиди мўғиллар истилоси оқибатида вайрон қилинади. Масжид кейинроқ қайта тикланиб, ўзини ҳозирги шаклини 19-асрда олган. Масжид ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатидаги обидалар қаторидан жой олган. Мустақиллик даврларида масжидни таъмирлаш бўйича ишлар олиб борилган. 2016-йилнинг 3-сентябрида масжиднинг ёнида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов дафн этилдилар.»

Лола Тилляева