Тез орада «Қайроқи сўзлар» китоби нашир этилади
Бугунги кунда Каримов Фонди томонидан “Қайроқи сўзлар” номли китобни нашрга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур китобда ўзбек халқ оғзаки ижодиёти дурдонаси бўлган 3000га яқин иборалар жамланган бўлиб, уларнинг пайдо бўлиши ва қўлланишига доир қизиқарли изоҳлар битилган.
Халқ оғзаки ижодиёти дурдонаси бўлган иборалар миллат тарихи, тафаккури, турмуш тарзи ва маданиятини акс эттиради. Муаллифлар Шотурсун Шомақсудов ва Субутой Долимовлар узоқ йиллар мобайнида халқнинг турли қатлами, хусусан, турфа ҳунар ва касбу кор эгалари орасида бўлдилар, улар билан турли мавзуларда суҳбатлашдилар.
Шу суҳбатлар асосида икки заҳматкаш зиёли ҳаммуаллиф турли-туман мақол, матал ва ибораларни йиғдилар, эл орасида сочилиб ётган сўз жавоҳирларини бир китобга жамладилар.
Пурмаъно иборалар тўпламини чоп қилиш ишлари китобхонларнинг талаб ва қизиқишидан келиб чиқди. Миллий фольклорчилигимизнинг муҳим жанри ҳисобланмиш халқ иборалари вақт ўтгани сайин секин-аста ишлатилмай, унутилиб бориши мумкин. Ушбу нашрнинг чоп этилиши унутилиб бораётган сўз жавоҳирларини асраш ва тарғиб этишга ҳисса қўшиш ҳамда халқ оғзаки ижодиёти ва маънавият дурдоналаримизни ўқиб-ўрганишга бўлган эътибордир.
Зукко китобхонлар, хусусан, ёшларимиз халқ закоси намуналари бўлган қайроқи сўзларга яқиндан ошно бўлиб, она тилимизнинг маънавий хазинасини кўз қорачиғидек асраб-авайлашлари ва ушбу мўътабар омонатни келгуси авлодга тўкис етказишларига тилакдошмиз.
Каримов Фонди ноширлик йўналишидаги фаолияти доирасида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини кенг ёйишни мақсад қилган. Бу борада Фонд маданий-маърифий ва илмий манбалар, шу жумладан, миллий маданият, санъат, илм-фан, таълим соҳаларидаги замонавий ютуқларга бағишланган асарларни чоп этишга кўмаклашади.