Тошкент шаҳрида “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” ҳужжатли фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди
Кеча Тошкент шаҳрида Шарқнинг буюк мутафаккири ва Мовароуннаҳр ҳукмдори Мирзо Улуғбек ҳаёти ва илмий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” ҳужжатли фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу фильм Каримов Фондининг рахбари Лола Каримова-Тилляева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тилляевнинг продюсерлиги остида суратга олинган.
“Мирзо Улуғбек шахси мени болалагимдан ўзига мафтун этган. Ҳар гал Самарқандга келиб, XV асрда Самарқандни астрономия соҳасида илғор тадқиқотлар ўтказиладиган халқаро марказга айлантирган бу буюк мутафаккир олим ва сулҳпарвар ҳукмдор ҳақида эшитганимда буни бутун дунёга сўзлаб бериш керак деб ўйлар эдим. Серқирра шаҳси ўзбекистонликларни юз йиллар давомида илҳомлантириб келган Мирзо Улуғбекнинг Ватанида бугун ушбу фильмнинг намойиш этилиши мен учун катта шараф,” – дея таъкидланади Лола Каримова-Тилляеванинг тақдимот маросими иштирокчиларига йўлланган мурожаатида.
Мазкур киноасар 2017 йилда 74-чи Халқаро Венеция кинофестивалида “Энг яхши хорижий ҳужжатли фильм” номинациясида нуфузли «Кинео» мукофотига сазовор бўлди, Италиянинг Искья оролида бўлиб ўтган халқаро кинофестивалда эса “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинациясида ғолиб бўлди.
Режиссер Баҳодир Юлдошев томонидан суратга олинган фильмда Венсан Кассель, Арманд Ассанте, Франсиско Овалле каби дунёга машҳур санъаткорлар, шунингдек, Маъруф Отажонов, Жавоҳир Зокиров, Ҳошим Арслонов сингари ўзбекистонлик актёрлар роль ижро этган.
Фильм учун махсус мусиқани Уолтер Афанасьев ёзди. Севара Назархон ижросидаги саундтрек эса фильмга ўзгача жозиба бахш этди.
“Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” фильмини қўйидаги ҳавола орқали ўзбек тилида томоша қилишингиз мумкинлигини маълум қиламиз: https://youtu.be/0oWdzHz8qJ8