Тошкентда Ўзбекистон креатив ёшларининг [RE]GENERATION биринчи арт-фестивали ўтказилмоқда.
Тошкентда Ўзбекистон креатив ёшларининг [RE]GENERATION биринчи арт-фестивали ўтказилмоқда. 3-12 сентябрь кунлари давом этадиган тадбир Каримов Фонди ҳамда “Sen Yolg‘iz Emassan” жамғармаси томонидан ташкил этилди.
[RE]GENERATION бу – ўзбекистонлик иқтидорли ижодкорларнинг янги авлодини танитишга қаратилган санъат йўналишидаги йирик воқеадир. Кўргазма турли санъат йўналиши вакилларини бирлаштирди: рассомлар, фотографлар, шоирлар, мусиқачи ва ҳунармандлар бир даврада жамланди. Тадбир меҳмонлари эса тасвирий санъат, графика, ҳайкалтарошлик, инсталляция, перформанс, видео-арт каби йўналишдаги асарларни томоша қилиш ва завқланиш имконига эга бўлмоқда.
“Азалдан бу замин минг йиллар мобайнида навбатма-навбат тараққиёт чўққиларини эгаллаган тамаддунлар маркази бўлиб келган. Кўзни қувнатувчи хонатласдан тикилган кўйлаклар, бетакрор дўппилар – буларнинг бари биз кўз қорачиғидек асраб-авайлаётган ва авлоддан-авлодга омонат ўлароқ ўтказаётган бой тарихий меросимиз намуналаридир. Замонавий санъатнинг қанчалик муҳимлиги ҳақида сўз борар экан, ўз даврининг буюк рассомлари Ван Гог ёки Рембрандтни ёдга олиш мумкин. Улар ҳам ўша даврда замонавий санъатни тамсил этган эди. Дарҳақиқат, айнан замонавий санъат жамиятимизнинг кўзгуси саналади. Зеро, биз ҳам унда акс этамиз”, – деди ўз табрик нутқида “Sen Yolg‘iz Emassan” жамғармаси Васийлик кенгаши раиси Лола Тилляева.
“Кўргазманинг номиёқ унинг теран ғоясини ифодалайди: қайта туғилиш, янгиланиш, дунёни янгидан идрок этиш. Бу – мамлакатда санъатнинг қайта туғилиши ва янгиланишидек улуғвор, эзгу ниятларнинг амалдаги ифодасидир. [RE]GENERATION Нукусдан Фарғона водийсига қадар, Самарқанддан Бухорою Тошкентга қадар – Ўзбекистоннинг турли бурчакларида ижод қилиб келаётган ёш иқтидор эгалари бошини қовуштираётган илк кўргазмадир. Ишончим комилки, ушбу лойиҳа мамлакатимизда тасвирий санъат равнақига кучли туртки беради”, – деди кўргазма куратори, таниқли рассом Бобур Исмоилов.
6000 квадрат метрдан зиёд майдонни эгаллаган Axelon картинг клубида ташкил этилган кўргазмада 300 дан ортиқ тасвирий полотно, 50 та графика дурдонаси, 200 та фото санъати намуналари, ўнлаб инсталляциялар, перформанслар ва Digital art усулидаги лойиҳалар намойиш этилмоқда. Буларнинг бари ташриф буюрувчиларга таассуротларнинг ранг-баранг палитрасини туҳфа этиши аниқ.
Фестиваль доирасида бутун Ўзбекистон бўйлаб 60 дан зиёд креатив ёшларнинг ишлари кўргазмага қўйилди. Шунингдек, санъатшунослар ва ташкилотчиларнинг маъруза ҳамда илмий баҳслари, таниқли рассомларнинг маҳорат дарслари, мусиқий жамоаларнинг чиқишлари ташкил этилмоқда. Тадбирга ҳар куни кўплаб юртдошларимиз ва меҳмонлар ташриф буюрмоқда.
2016 йилда ташкил этилган Каримов Фонди Ўзбекистон миллий маданий меросини муҳофаза этишга фаол кўмак кўрсатиб келмоқда. Бу борада мамлакатнинг ижодий жамоалари: рассомлар, ҳунармандлар, амалий ва безакли санъат усталари, илм-фан ва маданият намояндаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.