Notice: Function _load_textdomain_just_in_time was called incorrectly. Translation loading for the wordpress-seo domain was triggered too early. This is usually an indicator for some code in the plugin or theme running too early. Translations should be loaded at the init action or later. Please see Debugging in WordPress for more information. (This message was added in version 6.7.0.) in /home/httpd/vhosts/fondkarimov.uz/httpdocs/wp-includes/functions.php on line 6114
Туғма юрак нуқсонига эга 12 нафар ўзбекистонлик бола операция қилинди - ФОНД КАРИМОВА
Ислом Каримов Фонди

Туғма юрак нуқсонига эга 12 нафар ўзбекистонлик бола операция қилинди

Юрак нуқсони билан туғилган ўзбекистонлик 12 нафар бола француз кардиожарроҳлари томонидан операция қилинди. Операциялар “Sen Yolg‘iz Emassan” Фонди ва “Умид ришталари” (La Chaîne de l’Espoir) француз шифокорлари уюшмаси ҳамкорлигида 2-8 октябрь кунлари Тошкентда ташкил этилган хайрия акцияси доирасида ўтказилди.

Лола Каримова-Тилляева томонидан асос солинган “Sen Yolg‘iz Emassan” Фонди ўз фаолиятида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандларига тиббий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратади. Фонд жорий йил ёзда мамлакатимиздаги болалар ва меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини туғма юрак нуқсонини аниқлаш бўйича навбатдаги кўрикдан ўтказди. Кўрик жараёнида 15 нафар болада туғма юрак хасталиклари аниқланди.

Фонд таклифи билан Франциянинг етакчи кардиожарроҳлари бемор болаларни ҳар томонлама текшириш ва муолажанинг кейинги чораларини аниқлаш мақсадида Тошкентга келдилар.

Меҳрибонлик уйлари ва эҳтиёжманд оилалардан бўлган 80 дан ортиқ болажонлар диагностик текширувлардан ўтди. Франциялик шифокорлар оғир ташхис қўйилган 12 нафар болани операция қилдилар. Операция қилинган болалар орасида уч кунлик гўдак ҳам бор эди. Ҳозирда болалар шифокорлар назоратида.

“Sen Yolg‘iz Emassan” Фондининг молиявий кўмаги билан шу кунга қадар франциялик кардиожарроҳлар томонидан ўзбекистонлик эҳтиёжманд оилалар фарзандлари ва меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига 120 дан ортиқ мураккаб юрак операциялари ўтказилди. Мураккаб амалиётларнинг 21 таси Франциянинг Нант шаҳридаги клиникада амалга оширилди.