“Умид” жамғармаси фаолияти ҳақида
Ушбу видеолавҳа Президент Ислом Каримов томонидан ташкил этилган “Умид” жамғармаси фаолиятига бағишланади. Кўпинча, “Умид” фондининг совриндорлари ўқишни битириб Ватан ривожига қандай ҳисса қўшганлар деган саволни эшитамиз. Мазкур видеолавҳани охиригача томоша қилсангиз, ушбу саволга жавоб топасиз.
Шунингдек, репортаждаги умидчиларнинг талабалик даврига оид кўпгина тарихий лавҳалар ижтимоий тармоқ орқали биринчи бор намойиш этилмоқда.
“Умид” жамғармаси 1997 йилда иқтидорли ёшларни чет элда таълим олишида кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган эди.
Жамғарма грантлари туфайли 1997 йилдан 2002 йилга қадар 800дан ортиқ ўзбекистонлик йигит ва қизлар АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Франция ва Япониянинг етакчи олийгоҳларида таълим олдилар.
“Умид” фонди таъсис этилганидан 20 йил ўтиб, 2017 йилнинг январ ойида Ислом Каримов номидаги Фонд иқтидорли йигит ва қизларни Европанинг нуфузли олий ўқув юртларида магистратура дастури бўйича таълим олишлари учун грантлар тақдим этишини эълон қилди.
Ўтган уч йил мобайнида 32 нафар Ўзбекистонлик ёшлар Каримов Фонднинг таълим грантлари соҳиби бўлиб, Европанинг етакчи олийгоҳларида билим олиш имконини қўлга киритдилар.