Худойберган Девоновга бағишланган китоб тақдимоти
Шу йилнинг 22 январ куни Тошкент Фотосуратлар уйида илк ўзбек фотосуратчиси ҳамда миллий кино асосчиси Худойберган Девоновга бағишланган китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Девонов жадидчилик ҳаракати намоёндаларидан бири эди ва ушбу маърифатчилик ҳаракатининг юзлаб аъзолари қаторида 1937 йилда у қамоққа олиниб, кейинчалик ўлим жазосига ҳукм қилинди.
Атоқли олим, академик Наим Каримов томонидан яратилган мазкур китоб рус ва ўзбек тилларида Каримов Фонди томонидан нашр этилган ва ноёб архив фотосуратлари билан тасвирланган.
Нашр Мустақил Ўзбекистон асосчиси Президент Ислом Каримов таваллудининг 82 йиллигига бағишланган туркум тадбирлар доирасида чоп этилди.
Тақдимот маросимида ижодий ва жамоат ташкилотлари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этдилар.
«Яқин вақтгача Худойберган Девонов номини умуман тилга олиш мумкин эмасди. Узоқ йиллар олдин “ҳалқ душмани” сифатида отиб ташланганлиги учун унинг асарларини ҳам, ўзини номи ҳам тилга олинмади. Лекин, бахтимизга ўтган асрнинг сўнгги йилларида Ўзбекистон мустақиллигига эришганидан кейин, Худойберган Девонов каби улуғ шахсларни нафақат ёдга олиш, балки уларни асарларини нашр этиш, ҳалққа танитиш ва фильмлар тайёрлаш имконияти яратилди. Худойберган Девоновнинг фотосуратларида Ўзбекистон ҳалқининг образи тасвирланган. Ўзбекистонда фото ва ҳужжатли кино санъати асосчиси сифатида Девонов ўзининг мактабини яратди ва унинг иши ҳозирги кунга қадар давом эттирилмоқда”, – дейди Наим Каримов.
Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори, тарих фанлари доктори Бахтиёр Ҳасановнинг таъкидлашича, “Бугунги кунда, музейимизда Худойберган Девонов ижодига жуда катта аҳамият берилган. Ислом Каримов Фонди ташаббуси билан, музейимиз томонидан йиғилган материаллар асосида, Наим Каримов жуда катта фаолият олиб борди. Ниҳоят, бугун буюк шахсга бағишланган китоб тақдимоти, Худойберган Девоновни рухини шод этди».
«Бундай тақдимотлар ўзбек маданиятининг буюк намояндаларини ҳаётга қайтаради. Худойберган Девоновга бағишланган китобнинг нашр этилиши ўзбек халқининг тарихи учун зарур бўлган нарсадир. Одамлар унинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида билибгина қолмай, балки унинг қатағон қурбони бўлиб фожиали якун топгани ҳақида ҳам билишлари керак»,- дейди Европа Иттифоқи Делегацияси раҳбари, Элчи Эдуардс Стипраис.
Шунингдек, китоб тақдимот маросимида Худойберган Девоновнинг ноёб фотосуратлари кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди. Ушбу тарихий даврни акс эттирувчи фотосуратлар, ўзбек халқининг ижтимоий ҳаётига руҳан қайтишга имкон беради.
Кўргазма 2020 йил 22 дан 24 январгача қуйидаги манзилда бўлиб ўтмоқда: Тошкент Фотосуратлар уйи, Истиқбол кўчаси, 4-уй. Иш вақти: ҳар куни (душанбадан ташқари) соат 10:00 дан 17:00 гача.