“Жадидлар. Туркистондаги ислоҳотларнинг тақдири” Иккинчи фильм“Кураш”
Бугун, Ўзбекистон давлат мустақиллиги асосчиси Ислом Каримов таваллудининг 86 йиллиги муносабати билан “Жадидлар. Туркистондаги ислоҳотларнинг тақдири” номли уч қисмли ҳужжатли фильмнинг иккинчи туркумини мамнуният билан тақдим этамиз.
Каримов Фонди томонидан суратга олинган фильм Ўзбекистон халқининг озодлик ва истиқлол ғоялари учун кураши тарихида алоҳида ўрин тутган жадидчилик ижтимоий-сиёсий ва интеллектуал ҳаракати аъзолари хотирасига бағишланган.
Фильмнинг “Кураш” номли иккинчи қисмида жадид ҳаракати вакилларининг сиёсий дастурларга ўтиши ҳақида ҳикоя қилинади. Жадидлар жаҳон халқларининг мустақиллик учун кураши тажрибаси ҳамда узоқ ва яқин мамлакатлардаги сиёсий жараёнларни ўрганиб, Туркистон ўлкаси аҳолисининг сиёсий онгини юксалтириш бўйича ўз дастурларини туздилар. Уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли матбуот ва театр жадал ривожланди, салмоқли адабий асарлар, жумладан, мураккаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнлар, шунингдек, халқнинг маънавий уйғониши, ўз келажаги учун курашга бел боғлаши қаламга олинган асарлар яратилди.
Фильмнинг 2022 йилда намойиш этилган “Уйғониш” номли биринчи туркумида жадидчиликнинг келиб чиқиши, Туркистон ўлкаси Русия империяси ҳукмронлиги остида бўлган даврда миллий ўзликни англаш ғояларининг шаклланиши, янги услубдаги мактабларнинг очилиши, таълим модернизацияси ҳамда ўлка ҳаётининг бошқа соҳалари ҳақида сўз борган эди.
XIX – XX асрлар бўсағасида вужудга келган жадидчилик Ўзбекистон халқининг ҳуррият учун курашлари тарихида алоҳида ўринга эга. Жадидлар миллий ўзликни тиклаш, ўз тақдирини ўзи белгилаш ва давлатчилик қуриш ҳуқуқини таъминлаш, халқнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, тарихий-маънавий қадриятларини асраб-авайлаш ғояларини тарғиб қилганлар. Бу давр Ўрта Осиёда ўзига хос интеллектуал тафаккур Ренессанси сифатида тарихга кирди.
Афсуски, Сталин қатағони йилларида жадидчилик ҳаракатининг кўзга кўринган намояндаларига “халқ душмани” тамғаси босилиб, улар устидан ўлим ҳукми ўқилди.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон миллий истиқлол мафкурасини кўп жиҳатдан жадидчилик ҳаракатининг қарашлари ва ғояларига таянган ҳолда ишлаб чиқди. У мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ халқнинг миллий ўзлигини англаш, унинг маънавий, тарихий ва маданий меросини тиклаш стратегиясини давлат сиёсати даражасига кўтарди. Жадид маърифатпарварларининг ярим асрдан зиёд вақт давомида темир сандиқларда сақланган асарлари яна ёруғлик кўрди, уларнинг илмий ва адабий мероси кенг ўрганила бошлади, фаолияти, қарашлари мактаб ва олий ўқув юртлари таълим дастурига киритилди.
Бу фильм ҳам Ўзбекистонда, ҳам хорижда ўзининг кўплаб ихлосмандларини топади, жадидлар номи, уларнинг ижоди Ўзбекистон ёшлари онгида мустаҳкам ўрин эгаллайди деган умиддамиз.