“Жадидлар. Туркистондаги ислоҳотларнинг тақдири” номли фильмнинг якуний қисми
Бугун, Ўзбекистон давлат мустақиллиги асосчиси Ислом Каримов таваллудининг 87 йиллиги нишонланаётган кунда уч қисмдан иборат “Жадидлар. Туркистондаги ислоҳотларнинг тақдири” номли фильмнинг якуний қисмини тақдим этишдан ғоят хурсандмиз.
Каримов Фонди томонидан суратга олинган фильм Ўзбекистон халқининг озодлик ва мустақиллик кураши тарихида муҳим ўрин тутган жадидчилик ижтимоий-сиёсий, интеллектуал ҳаракати вакиллари хотирасига бағишланган.
“Мағлубият” деб аталган якуний қисмда жадидчилик ҳаракати аъзолари орасидаги бўлиниш, уларга нисбатан босим ва кенг кўламли қатағонлар ҳақида ҳикоя қилинади.
XIX аср охири – XX аср аср бошларида вужудга келган жадидчилик ҳаракати Ўзбекистон халқининг ҳуррият ва озодлик кураши тарихида муҳим ўрин тутади. Жадид маърифатпарварлари миллий ўзликни англаш, ўз тақдирини ўзи белгилаш ва давлатчиликни барпо этиш, халқнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, тарихий ва маънавий қадриятларни сақлаш каби идеалларни тарғиб этдилар. Ушбу давр Марказий Осиё интеллектуал тафаккурида ўзига хос Уйғониш даври сифатида тарихга кирди.
Умид қиламизки, бу фильмни нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам кўплаб инсонлар томоша қиладилар. Шу билан бирга, жадид маърифатпарварларининг муборак номи ва уларнинг мероси Ўзбекистон ёшларининг онгу тафаккуридан мустаҳкам ўрин эгаллашига тилакдошмиз.