Ислом Каримов Фонди

Жак Ширак ва Ислом Каримов учрашувига оид хотиралар

1996 йили Парижда, ЮНЕСКО бош қароргоҳида Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги шарафига илмий анжуман ва кўргазма ўтказилди. Тарихчи олимларнинг катта гуруҳи жамланди, улар орасида камина ҳам бор эди. Тадбир бошланишидан бир кун аввал Франция пойтахтига Ислом Каримов ҳам етиб келдилар. Кечқурун Париж театрларидан бирида юртимиз санъаткорлари иштирокида бадиий чиқиш намойиш этилди. Эртаси куни Париж матбуотида мазкур томоша ҳамда бўлажак тадбиримиз кенг ёритилди. Кутилмаганда кўргазмада Франция Президенти ҳам иштирок этиши, 20 дақиқадан кейин ташриф буюриши ҳақида шошилинч хабар келиб қолди.

Президент Жак Ширак келиши билан Ислом Абдуғаниевич вазиятни дарҳол тўғри баҳолаб ташаббусни қўлга олдилар ва меҳмонни кўргазма бўйлаб шахсан ўзлари айлантирдилар, ҳар бир экспонат ҳақида батафсил сўзлаб бердилар. У киши ўша тарихий давр ҳақида 40 дақиқадан ортиқ сўзладилар. Ўзбекистон Президенти тарих борасида бу қадар катта билим соҳиби эканидан Ширак ҳайратда қолди.

Сал кейинроқ, кўргазманинг расмий очилиш маросимида Франция раҳбари Амир Темур ҳамда Темурийлар даврига ғоят қизиқиб қолгани, боягидек кутилмаган вазиятлардан қойилмақом чиқиш учун ўз мамлакати тарихини пухта ўрганишга ҳаракат қилишини айтди. Йиғилганлар уни олқишлади…

Бу – Амир Темур бобомиз шуҳратини халқаро даражага олиб чиқиш йўлидаги илк қадамлар эди. Биринчи Президентимиз бу борада ҳам, ўз халқи учун ҳам кўпдан-кўп хайрли ишлар қилди.

Нозим ҲАБИБУЛЛАЕВ,
академик, Амир Темур
халқаро хайрия жамғармаси раиси