“Ўзбекистон модаси: кеча ва бугун” кўргазмаси
Тошкент фотосуратлар уйида “Ўзбекистон модаси: кеча ва бугун” деб номланган ва XX аср 60-йилларидан ҳозирга қадар, мамлакатимиз мода тарихига бағишланган янги кўргазма ўз ишини бошлади. Каримов Фонди томонидан ташкил этилган кўргазма эшиклари барча қизиқувчилар учун очиқ.
Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросини оммалаштиришга қаратилган ушбу кўргазма лойиҳаси томошабинларни Моделлар уйи ҳамда замонавий дизайнерлар фаолияти билан яқиндан таништиради. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида Каримов Фонди томонидан шу мавзуга бағишланган альбом-каталог ҳам нашр қилинди.
Кўргазма экспозицияси икки қисмдан иборат. Биринчи залдаги экспонатлар Ўзбекистон мода санъатининг 1960-2000 йиллардаги тарихига бағишланган. Бу ерда фотосуратлар, кийимлар, эскизлар ҳамда ўша давр журналлари намойиш этилган.
Иккинчи зал замонавий Ўзбекистон мода санъатига бағишланган бўлиб, у ерда томошабинлар эътиборига Саида Амир, Таисия Чурсина, LALI мода уйи (Лали Фозилова), Moel Bosh (Зуҳра Инат) бренди, Марҳамат Умарова, Ҳилола Шер каби дизайнерларнинг тўпламлари ҳавола этилган.
Каримов Фонди шафелигида Ўзбекистоннинг тарихий, маданий ва адабий меросини кенг тарғиб этиш мақсадида қатор дастур ва лойиҳалар амалга татбиқ этилмоқда.
“Ўзбекистон модаси: кеча ва бугун” кўргазмаси Тошкент шаҳри Истиқбол кўчаси 4-уйда жойлашган Фотосуратлар уйида 10 мартдан 30 мартга қадар давом этади. Иш вақти: душанбадан ташқари ҳар куни соат 10:00 дан 17:00 га қадар.