Қодирий, Чўлпон, Фитрат хотирасини ёд этиб
UZ: Туркистонда XIX аср охири – XX аср бошларида юзага келган жадидчилик ҳаракати Ватанимиз тарихида муҳим саҳифа очди. Ўша даврнинг энг илғор кучлари саналган жадидлар бир замонлар дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган ўлка жаҳон тараққиётидан ортда қолаётганини теран ҳис қилиб, жамиятни тубдан ислоҳ этишга интилдилар. Ўлкани мустамлака кишани ҳамда асрий қолоқликдан озод этиш, мазлум халқ қалбига маърифат зиёси ва эрк туйғусини сингдириш, жамиятга бахт йўлини кўрсатиш маърифатпарварларнинг бош маслаги эди. Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон, Авлоний каби ўнлаб ҳур фикрли тараққийпарварлар ана шу эзгу мақсад йўлида фидокорона курашдилар.
Жадид намояндалари саъй-ҳаракати билан янги усулдаги мактаблар, нашриётлар, кутубхоналар, хайрия жамғармалари ташкил қилинди, газета-журналлар таъсис этилди. Ўлкадаги дастлабки олий ўқув юрти – Туркистон халқ университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) очилишида ҳам уларнинг хизмати катта бўлди.
Аммо мураккаб тарихий шароит жадид боболаримизга ўз мақсадларини тўлиқ рўёбга чиқаришга имкон бермади. Шўро давлати ўтган асрнинг 20-30-йилларида амалга оширган қатағонларда жадидчилик ҳаракатининг барча таниқли вакиллари қатл этилди. Ҳуррият ва илму маърифатни байроқ қилиб чиққан боболаримизга “миллатчи”, “халқ душмани” тамғалари босилди. Маърифатпарварлар ёзган бадиий, илмий ва публицистик асарлар халқ қалбида эрк ва ғурур туйғусини жўш урдириши, миллий ўзликни уйғотиши мумкин эди. Шу боис собиқ мустабид тузум даврида жадид адабиётини ўқиш тақиқланди.
1991 йили халқимизнинг асрий орзуси ушалди – Ўзбекистон истиқлолга эришди. Мустақиллигимиз меъмори, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов миллий ўзликни англаш, бой маънавий-маданий меросни қайта тиклашга истиқлолнинг илк йиллариданоқ давлат сиёсати даражасида эътибор қаратдилар. Жумладан, жадид боболаримизга қўйилган сохта айбловлар олиб ташланиб, уларнинг пок номи қайта тикланди. Салкам етмиш йил давомида темир сандиқларда сақланган китоблар яна ёруғ дунё юзини кўрди. Жадидчилик ҳаракати намояндаларининг бой илмий-адабий мероси кенг тадқиқ этилиб, уларнинг серқирра фаолияти дарслик ва қўлланмаларга киритилди.
Собиқ тузум даврида халқимизнинг маърифатпарвар ўғлонлари ном-нишонсиз кўмиб ташланган Тошкентнинг Бўзсув соҳилидаги қаровсиз жой Биринчи Президентимиз раҳнамоликларида обод зиёратгоҳга айлантирилди. Бу ерда “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ҳамда “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ташкил қилинди. 31 августни Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонлаш эзгу анъанага айланди.
Юрт озодлиги ва саодати йўлида ширин жонидан кечган маърифатпарвар боболаримизнинг пок номи тикланиши чин маънода тарихий ҳақиқат тантанаси бўлди. Дарҳақиқат, Биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек, “Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир каби юзлаб маърифатпарвар, фидойи инсонларнинг ўз шахсий манфаати, ҳузур-ҳаловатидан кечиб, эл-улус манфаати, юртимизни тараққий топтириш мақсадида амалга оширган эзгу ишлари авлодлар хотирасидан асло ўчмайди”.