Ўзбекистонда хизмат кўрсатган меъмор Азамат Тўхтаев хотираларидан
“Президент Ислом Каримов мамлакатимиз шаҳарлари қиёфасини ўзгартиришдек хайрли ишга ўзлари бош-қош бўлдилар. Мен Ислом Абдуғаниевичнинг ноёб тафаккурига ҳамиша қойил қолганман, зеро, у киши шаҳарсозлик масалаларини ҳал этишда бир неча ўн йил олдинни, истиқболни кўра билар эдилар.
У кишининг бевосита иштироки боис Мустақиллик майдони Тошкентнинг “ташриф қоғози”га, пойтахтимиз аҳли ва меҳмонларининг севимли дам олиш масканига айланди.
Президент Ислом Каримов меъморий лойиҳалар тарҳи ва макетини шахсан ўзлари қабул қилиб, уларни синчковлик билан, ҳар томонлама ўрганиб чиқар эдилар. У киши ҳар доим режа-тарҳнинг концептуал жиҳатларидан тортиб айрим нақшу нигорларга қадар – катта-кичик масалаларда чуқур ўйланган таклиф-мулоҳазалар билдирганлар: бу инсон учун барча жабҳаларда арзимас жиҳатнинг ўзи йўқ эди.
Бугун Ўзбекистоннинг қиёфаси буткул ўзгарганлигига амин бўламиз. Вилоятларимиз марказида маданият саройлари, театрлар, амфитеатрлар, кутубхоналар, музейлар, спорт мажмуалари ва марказий майдонлар бунёд этилди.
Ислом Абдуғаниевич, айниқса, шонли тарихимизда ўтган Имом Исмоил ал-Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким ат-Термизий, Мирзо Улуғбек ва бошқа мутафаккирлар ҳамда жамоат арбоблари номи билан боғлиқ обидаларни обод қилишга алоҳида эътибор қаратдилар”.