Имом ал-Бухорий
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (Имом ал-Бухорий) – атоқли муҳаддис олим, “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” ҳадислар тўплами муаллифи, ҳижрий 194 йил, шаввал ойининг 13 санасида (19 июль 810 й.) Бухоро шаҳрида таваллуд топганлар.
Улар ёшликларида отадан етим қолганлар. Баъзи бир манбаларга кўра, болалик пайтларида кўзлари ожиз бўлиб, кўрмай қолади. Бироз вақтдан сўнг оналарининг тушига Иброҳим алайҳисалом кирадилар ва “Кўп дуо ва илтижоларингиз эвазига Оллоҳ ўғлингиз кўз нурини қайтарди” – дейдилар.
Имом ал-Бухорий ёшликларидан ҳадисларни ёддан эслаб қолиш қобилиятига эга бўлганлар. Кунларнинг бирида улардан: Сиз қандай қилиб ҳадисларни ўрганишни бошлагансиз? – деб сўрашганида, улар шундай жавоб берганлар: “Ҳадисларни ёдлаб қолиш зарурияти ҳақидаги фикр менга илм олишни бошлаётганимда келган бўлиб, унда мен 10 ёки ундан ҳам кичик ёшда эдим. Бундан сўнг мен турли ҳил муаллимлардан сабоқ олдим. 16 ёшга кирганимда, мен Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ва Вақининг китобларини ёддан эслаб қолгандим”.
Имом ал-Бухорий 9 ёшга етганда Қуръони Каримни тўлалигича ёд олганлар.
16 ёшга тўлганда, Имом она ва акалари билан биргаликда ҳаж қилиш учун Маккаи Мукаррамага йўл оладилар. Ҳаж сафаридан сўнг она ва акалари Бухорога қайтиб кетишади. Ал-Бухорий эса Маккада яна 4 йил давомида яшайдилар. Улар таниқли муҳаддислардан таълим оладилар, сўнгра эса ўша пайтнинг барча машҳур ислом илми марказларини зиёрат қиладилар. Имом ал-Бухорийнинг сўзларига кўра, улар 1800 муаллимдан ҳадисларни ёзиб қоғозга туширганлар. Имом ал-Бухорий кўпгина китоблар ёзиб қолдирганлар, ва уларнинг ичида энг аҳамиятлиси ва кенг тарқалгани “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”). Маълумотларга қараганда, “Саҳиҳ” тўпламига кирган ҳадисларни текшириб чиқишга Имом умриларининг 16 йилини бағишлаганлар. Ушбу ҳадислар мажмуаси Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалам бажарган амаллари ва айтган сўзлари ҳақида батафсил маълумот беради.
Ўзида фақат ишончли ҳадисларни жамлаган “Саҳиҳ” тўпламининг пайдо бўлишига асосий сабаб шундаки, Имом ал-Бухорийнинг замондошлари томонидан тузилган ҳадислар тўплами ишончли, тўғри ҳадислар билан бир қаторда заиф ҳадисларни ҳам ўз ичига олган. Шу сабабли, Имом ал–Бухорий асл, ҳақиқийлиги текширилган ҳадисларни жамлашга аҳд қилиб, тўғри ҳадислар тўплами “Саҳиҳ”га манбалар тўплашни бошлаганлар.
Маълумотларга қараганда, Имом ал-Бухорий 600 минг ҳадисларни текшириб чиқиб, улардан қарийб 7275та саҳиҳ ҳадисларни саралаб оладилар ва тизимга соладилар.
Имом ал-Бухорийни буюк муҳаддис, Ҳадис илмининг султони деб аташади. Шундай инсон бизнинг аждодимиз бўлганлигини англаш, инсонга катта ғурур ва фахр туйғуларини беради.
Имом ал-Бухорий 870 йилда вафот этиб, Самарқанд яқинида дафн этилганлар.
Имом ал-Бухорийнинг таваллуд топганликларининг 1225 йиллиги (ҳижрий тақвим бўйича) ЮНЕСКО шафелигида нишонланган.