Notice: Function _load_textdomain_just_in_time was called incorrectly. Translation loading for the wordpress-seo domain was triggered too early. This is usually an indicator for some code in the plugin or theme running too early. Translations should be loaded at the init action or later. Please see Debugging in WordPress for more information. (This message was added in version 6.7.0.) in /home/httpd/vhosts/fondkarimov.uz/httpdocs/wp-includes/functions.php on line 6114
Илк ўзбек фотосуратчиси Х. Девонов ҳаётига бағишланган китоб нашр этилди - ФОНД КАРИМОВА
Ислом Каримов Фонди

Илк ўзбек фотосуратчиси Х. Девонов ҳаётига бағишланган китоб нашр этилди

Каримов Фонди илк ўзбек фотосуратчиси ҳамда миллий кино асосчиси Худойберган Девоновнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган китобни нашр этди. Нашр Мустақил Ўзбекистон асосчиси Президент Ислом Каримов таваллудининг 82 йиллигига бағишланган туркум тадбирлар доирасида чоп этилди.

Ўзбек ва рус тилларидаги ушбу китоб муаллифи кўп йиллардан буён жадидчилик ҳаракати бўйича илмий изланишлар олиб бораётган атоқли олим, академик Наим Каримов.

Қимматли архив ҳужжатлари асосида яратилган рисолада Худойберган Девоновнинг касбий, ижодий ва ижтимоий фаолияти кенг ёритилган. Муаллиф Ўрта Осиёда фотосуратчилик фаолияти ривожланаётган кезларда Х. Девоновнинг илк ўзбек фотографи сифатида шаклланишини тадрижий равишда, батафсил ҳикоя қилади. Ноёб архив фотосуратлари эса китобнинг илмий қимматини янада оширади.

Худойберган Девонов 1878 йили Хива шаҳрида дунёга келган. У болалигиданоқ ҳар томонлама чуқур билим олади, араб тилини мукаммал ўрганади, шеърият, мусиқа ва боғдорчилик билан шуғулланади. 1901 йилда ўша кезлар Хоразмда истиқомат қилган олмон суратчиси Вильгельм Пеннердан фото санъатини ўрганишга киришади. Москва ва Петербург сафари Худойберган Девонов ижодий фаолиятида бурилиш ясаган дейиш мумкин. У айнан ушбу сафар давомида киносъёмка учун зарур асбоб-анжомларни харид қилади. Х.Девонов 1908 йилда илк маротаба Хоразмнинг тарихий обидалари, минора ва масжидларини кинотасмага муҳрлайди. Шу боис ҳам мазкур сана ўзбек киносининг тамал тоши қўйилган йил дея эътироф этилади.

Санъаткор “Ўрта Осиё меъморий ёдгорликлари”, “Туркистон кўринишлари” каби ҳужжатли фильмларида ўзбек халқининг ҳаёти, урф-одатлари ва анъаналари хусусида холис маълумот беради. Бу жиҳатдан, мазкур филмлар бугун нодир тарихий ҳужжатларга айланиб улгурган.

Х.Девонов жадидчилик ҳаракати намояндаларидан бири эди. Шу боис ҳам у 1937 йилда қамоққа олинади ва 1938 йили 5 сентябрда ўлим жазосига ҳукм этилади. Ҳукм 4 октябрь тунида, Тошкентнинг Юнусобод туманидаги машъум қатлгоҳлардан бирида ижро қилинади.

Х. Девоновнинг фото ва кино санъатига оид ижодий ишлари халқ ва она Ватанга муҳаббат билан йўғрилган. Муаллиф ўз асарларида ўша давр руҳи ва нафасини сақлаб, тарихий ҳақиқатни тўлақонли акс эттиришга муваффақ бўлган.

Санъаткорнинг ижодий ишлари бугун ҳақли равишда дурдона дея эътироф этилади. Худойберган Девонов номи Ўзбекистон киносанъати тарихига муболағасиз зарҳал ҳарфлар билан битилган.