Каримов Фонди хориж олийгоҳларида таҳсил олиш учун янги грантлар танловини эълон қилади
Ариза жўнатиш Ҳужжат намуналари (*rar архиви) Telegram
Каримов Фонди Ўзбекистоннинг иқтидорли ва истеъдодли йигит-қизлари ўртасида хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олиш учун учинчи грантлар танловини мамнуният билан эълон қилади. Каримов Фондининг янги таълим грантлари қуйидаги мутахассисликлар бўйича Европанинг олий таълим муассасаларида магистратура босқичида таҳсил олиш имконини беради:
- Қайта тикланувчан энергия манбалари;
- Кимё. Кимё технологияси;
- Сув ва ер ресурсларини бошқариш;
- Машинасозлик технологиялари;
- Архитектура. Бино ва иншоотларни қуриш;
- Автомобиль йўллари, кўприклар, тоннеллар, йўл ўтказгичлар ва аэродромларни лойиҳалаш ва қуриш;
- Текстиль саноати технологиялари ва ускуналари;
- Туризм хизматларини ташкил этиш ва бошқариш;
- Ахборот хизматлари ва жамоатчилик билан алоқалар;
Танловда инглиз, немис ёки француз тилларини аъло даражада билган, Ўзбекистон ёки чет эл олий таълим муассасасини битирган ёки унинг сўнгги курсида таҳсил олаётган, ёши 35дан ошмаган Ўзбекистон фуқаролари иштирок этиши мумкин.
Грант совриндорларининг чет элда таҳсил олиш ва яшаш харажатлари (2 йилгача) Фонд томонидан молиялаштирилади.
Танловда иштирок этиш учун ҳужжатлар онлайн қабул қилинади:
https://goo.gl/forms/vNSA6KLY2JDOA86h1
(рўйхатдан ўтиш учун кўрсатилган ҳавола 2018 йил 5 ноябрдан 24 ноябргача амалда бўлади)
Танловда иштирок этиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати:
- Фонд томонидан тасдиқланган шаклдаги танловда иштирок этишга ариза;
- танлов иштирокчисининг шахсий анкетаси;
- танлов иштирокчиси томонидан имзоланган «Чет эл олий таълим муассасаларида магистрлик дастури бўйича таҳсил олиш учун Каримов фонди грантини олиш бўйича ўтказиладиган III-танлов Низоми» Кўчирмаси;
- олий таълим муассасаси ректори (ташкилот, корхона, муассаса раҳбари) номидан танловда муносиб номзод сифатида иштирок этиши тўғрисидаги Тавсиянома ёки олий таълим муассасасидан охирги босқичда муваффақиятли таҳсил олаётганлиги тўғрисида маълумотнома;
- паспорт рангли нусхаси;
- олий таълим муассасасини битирганлиги тўғрисидаги Диплом нусхаси.
Танлов тўғрисидаги янгиликлар ва тақдим этиладиган ҳужжатлар намуналари Каримов Фонди грантларига бағишланган махсус телеграм-каналда ҳавола этилган: https://t.me/GrantFondKarimov
Диққат!!!
Ҳужжатлар топшириш муддати чекланган – 2018 йил 5 ноябрдан – 24 ноябргача.
Батафсил маълумот учун телефонлар:
+99871 2373420, +99871 2373813
e-mail: info@fondkarimov.uz
Кўп бериладиган саволларга жавоблар
*Каримов Фонди таълим грантлари ҳақида
Каримов Фонди 2016 йил октябрда Лола Каримова-Тилляева ва Татьяна Каримова томонидан Мустақил Ўзбекистон асосчиси ва биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасига бағишлаб таъсис этилган. Хориждаги пешқадам университетларда таҳсил учун иқтидорли ёшларга грантлар ажратиш Фонд фаолиятининг асосий йўналишларидан ҳисобланади.
Сўнгги 2 йил мобайнида 22 нафар ўзбекистонлик йигит ва қизлар Каримов Фондининг таълим грантлари орқали Германия, Италия, Чехия, Россия ва Польшанинг пешқадам олийгоҳларида таълим олиш имкониятига эга бўлдилар.