Грантлар
Ўзбекистонда таълим, илм-фан ва маданиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида грантлар тақдим этиш Ислом Каримов номидаги фонд фаолиятининг муҳим йўналишларидандир.
Фонд таълим грантлари доирасида миллий ва хорижий олий ўқув юртларида таҳсил олиш истагидаги номзлодларни саралаш, жумладан, суҳбат, тест ўтказиш, ҳужжатлар қабул қилиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширади. Юқорида зикр этилган мақсадлардан келиб чиқиб, Фонд мамлакатимиз ва хориждаги пешқадам университетларда таҳсил учун иқтидорли ёшларга грантлар тақдим этади.
Бугунги кунда Фонд томонидан 2017, 2018 ва 2019 йилларда учта таълим грантлари дастури амалга оширилди.
Ўзбекистон илм-фанини янада тараққий эттириш мақсадида, шунингдек, илмий-тадқиқотни қўллаб-қувватлашга қаратилган грантлар ҳам ажратилади. Стипендиялар ғолибларига зарур шароит яратилибгина қолмай, уларнинг таҳсили мониторинг қилиб борилади, шунингдек, доимий алоқа ўрнатилиб, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатилади.
Ўзбекистоннинг бой маданий меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш йўналишидаги фаолияти доирасида Фонд илмий, маданий-маърифий манбалар ҳамда ўзбек адабиётининг сара намуналарини хорижий тилларга таржима қилиш ва нашр этишга ҳам грантлар тақдим этади.
Фонд Ислом Каримовнинг серқирра фаолиятига бағишланган кино, видеомаҳсулотлар яратишга, шунингдек, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси ва маданият, санъат, илм-фан, таълим борасидаги замонавий ютуқларини намойиш этишга, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларга ҳам грантлар ажратади.
Ўзбекистон ва хорижда илмий-маърифий тадбирлар ўтказиш, шунингдек, илмий ишланмалар учун Фонднинг алоҳида грантлари тақдим этилади. Кўмакка муҳтож иқтидорлар болалар ва ёшларга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, ўзбек халқи маданий бисотидан ўрин олган ҳамда авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтаётган ҳунармандликни ривожлантиришга аҳамият берилади. Бу мақсадда миллий ҳунармандлик маҳсулотлари, қолаверса, қишлоқ хўжалиги ва ирригация йўналишидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга грантлар ажратилади.