Каримов Фондининг ноширлик лойиҳалари
Каримов Фонди ноширлик йўналишида яна бир ижодий лойиҳани рўёбга чиқарди – ёзувчи Луқмон Бўрихоннинг “Олов тутган одам” номли романини чоп этди. Мазкур бадиий асарда Ислом Каримов Қашқадарё вилоят компартияси биринчи котиби вазифасида ишлаган кезлардан бошлаб ЎзССР компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби лавозимига тайинлангунга қадар бўлган давр қаламга олинган. Романда ўша мураккаб йилларда Қашқадарёда кечган – ҳам Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти учун, ҳам бутун мамлакат учун ҳал қилувчи аҳамият касб этган воқеалар бадиий талқин этилган.
Ислом Каримов 1986 йили иқтисодий ва ижтимоий жабҳада энг қолоқ ҳудудлардан бирига айланиб қолган Қашқадарёга юборилади. Ўша кезлар маҳаллий аҳолининг вилоят раҳбариятига ишончи буткул сўнган эди. “Пахта иши” деб аталган тергов туфайли бутун бошли меҳнаткаш халққа “ўғри”, “порахўр” каби туҳматлар ёғдирилиши вазиятни янада мураккаблаштирган эди. Қайд этилганидек, ўша кезлар вилоят ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар бўйича ҳам республикада энг қуйи ўринларга тушиб қолганди.
Ислом Каримов олдида мушкул вазифа турар эди: у одамлардаги тушкун кайфиятга барҳам бериши, халқнинг ишончини қозониб, уларда ёруғ кунларга умид уйғотиши лозим эди. Вилоятнинг аввалги раҳбарлари даврида “пахта иши” бўйича жазога тортилган хонадонларга бошқаларнинг ҳатто яқинлашиши ҳам тақиқланган эди. Улардан фарқли равишда, Ислом Каримов адолатсизлик қурбони бўлган оилаларга яқиндан доимий ёрдам кўрсатди.
Ўша кезлар Марказда Қашқадарё ва Бухоро вилоятларини бирлаштириш таклифи қизғин муҳокама этилаётганди. Айнан Ислом Каримовнинг қатъий саъй-ҳаракатлари билан Қашқадарё алоҳида вилоят сифатида сақлаб қолинди.
Халқнинг вилоят раҳбариятига ишончи аста-секин ўсиб борди. Қолаверса, Қашқадарёнинг хўжалик-иқтисодий кўрсаткичлари яхшилана бошлади. Шу тариқа Ислом Каримовнинг етакчи ва хўжалик бошқарувчиси сифатидаги нуфузи ҳам мустаҳкамланди. Бу эса, пировардида, унинг республика раҳбари этиб тайинланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
“Олов тутган одам” романида шу каби воқеалар батафсил тасвирланган. Муаллиф Луқмон Бўрихон асар устида ишлаш жараёнида турли ҳужжатларни, тарихий манбаларни ўрганган, шунингдек, қаламга олинган ҳодисаларнинг шоҳиди бўлган қашқадарёликлар билан кўп бора учрашиб суҳбатлашган.
Эътиборли жиҳати, муаллиф бош қаҳрамон портретига талабчан ва масъулиятли раҳбар сифатида чизги бериб қолмай, шахс ва инсон сифатида ҳам кўрсатиб бера олган, унинг изтироблари, дардлари, орзу-истаклари, умидларини таъсирли, ишонарли тасвирлаган.