Абу Райҳон Беруний
Атоқли энциклопедист ва мутафаккир Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний (973-1048), Кат шаҳрида, (ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида) таваллуд топган. Буюк олим тарих, фалакиёт, элшунослик, математика, антропология, ҳамда география фанлари бўйича кўплаб илмий асарлар ва рисолалар муаллифидир. Беруний биринчи бўлиб, Европа ва Осиё қитъаларидан ташқари яна бошқа бир номаълум қитъа бор деган тахминни илгари сурган олимдир. У ер айланаси узунлигини жуда катта аниқлик билан ўлчаган, ва унинг ҳисоби замонавий олимларнинг ҳисобидан атиги 200 мильча (300 км) фарқ қилган – 10 аср аввал яшаган инсон учун бу ҳайратланарли ютуқ.
Беруний фалакиёт илми бўйича ёзган катта рисоласида, Ер Қуёш атрофида айланади деган фикрни илгари сурган.
У Ҳоразмдаги «Маъмун академияси»да бир неча йил давомида фаолият кўрсатган. Беруний она тилидан ташқари, араб, форс, юнон, лотин, яҳудий, санскрит ва ҳинд тилларини мукаммал эгаллаган. Ушбу билимлар унга турли илмий атамаларни бир тилдан бошқасига таржима қилиш асосларини тузишда ёрдам берган.
Олим 150 га яқин илмий асар ва рисолалар ёзиб қолдирган. Беруний ўша даврда кенг тарқалган доривор ўсимликларнинг тўлиқ тавсифини тузган ва натижада «Сайдана» – «Доривор ўсимликлар ҳақида китоб» номли қўлёзма дунёга келган. Олим шунинингдек 50 дан ортиқ металлар, қотишма ва минераллар ҳақида маълумот берган.
Катта аҳамиятга эга, фалакиётга оид «Масъуд қонуни» асарини ёзишда – олим Ер радиусини ҳисоблаб чиққан, осмон экваторига Қуёш эклиптикаси оғиш бурчагини аниқлаган, ой тутилиши вақтида ой ўз рангини ўзгартиришини тасвирлаган ҳамда Қуёш тутилиши жараёнида Қуёш тожини ўрганиб, Қуёш ва юлдузлар бошқа сайёралардан фарқли ўлароқ олов табиатли бўлишини ҳам айтиб ўтган.
Беруний ўз вафоти олдидан, анча кучдан кетган бўлса-да, бироқ ҳуши ўзида бўлган ҳамда дўстлари ва шогирдлари билан илмий мавзуларда суҳбатлар олиб борган. Дўстлари билан видолашар экан, олим дўсти Абулҳасандан бир масаланинг изоҳи ҳақида сўрайди. Бунга дўсти жавобан: «Ҳозир бундай гапларнинг мавриди эмас-ку» деган сўзига Беруний «Нодон бўлиб бу дунёни тарк этгандан кўра, шу саволимга жавоб олиб сўнгра кўз юмганим афзал» деб жавоб беради. Бу олимнинг фан ҳақидаги сўнгги суҳбати бўлган.