Каримов Фондининг ноширлик лойиҳалари
“Uzbekistan. An experience of cultural treasures to colour” (“Ўзбекистон. Маданият дурдоналарини бўяш орқали ўрганиш”) номли китоб-колорамаси ўйин шаклидаги бўяш машғулотлари орқали замондошларимизга ўзбек халқининг бой маданий мероси билан танишиш имконини беради.
Каримов Фонди томонидан Европанинг “Nouveau Monde Editions” (Франция) ва “Pen and Sword Books” (Буюк Британия) нашриёт уйлари билан ҳамкорликда инглиз ва француз тилларида чоп этилган ушбу китоб муҳташам тарихий ёдгорликлар, деворий нақшу нигорлар ва кошинларнинг бетакрор гўзаллиги, мураккаб ҳандасавий шакллар, шунингдек, гиламдўзлик, каштадўзлик ҳамда кулолчилик санъатининг нафис намуналари, ўтмиш ва бугунги кун рассомларининг ижодий ишлари билан таништиради.
Китобнинг ҳар бир қўшсаҳифаси чап тарафида маданий объектнинг сурати ва унинг тарихий аҳамияти хусусида қисқа маълумот берилади, ўнг тарафда эса ушбу суратнинг чизмалари бўяш учун тақдим этилади. Китоб инглиз ва француз тилларида 2019 йилнинг апрель ойида нашр этилган.
Ўзбекистоннинг миллий анъаналари, маданияти, адабиёти ва санъатига бағишланган китобларни нашр этиш Каримов Фонди фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир. Сўнгги уч йил мобайнида Фонд томонидан 11та ноширлик лойиҳаси амалга оширилди.