Лайли ва Мажнун достони
“Лайли ва Мажнун” – Шарқ халқлари орасида кенг тарқалган халқ оғзаки ижоди асари бўлиб, 7-асрда Арабистон яриморолида вужудга келган. Афсона Мажнун (Телба) номини олган Қайс исмли йигитнинг ўз қабиладоши Лайлига нисбатан оташин ва мунгли муҳаббати ҳақида ҳикоя қилади ва ҳаётий воқеага асосланади. Китобхон қалбини тўлқинлантириб, чин ошиқлик тушунчасини берувчи ушбу асарни, Ғарбда кўпинча Шекспирнинг “Ромео ва Джульетта” қиссасига қиёслашади.
Ушбу фожиали севги қиссаси кўплаб шарқ халқлари маданиятига ўзининг сезиларли таъсирини кўрсатган. Буюк шоир ва маърифатпарвар, XII асрда қадимий Ганжа (ҳозирги Озарбайжон ҳудудида) шаҳрида дунёга келган ва ижод этган Низомий ушбу афсона асосида достон битган бўлиб, уни ўз Хамсаси (“Бешлик” – беш эпик достон мажмуаси) таркибига киритган.
Низомийнинг “Хамса”си Шарқ шеъриятининг ривожланишида жуда катта омил бўлди. Низомий ўз асарларида мурожаат қилган халқ оғзаки ижоди ва тарихий мавзулар, кейинчалик Алишер Навоий, Муҳаммад Фузулий, Абдураҳмон Жомий, Амир Хусрав Деҳлавийлар томонидан яратилган эпик достонлар тўплами – «Хамса» ларининг асосини ташкил этди.
Шеърият мулкининг султони, Шарқнинг буюк мутафаккири ва алломаси Мир Алишер Навоий ҳам ушбу анъанани давом эттирган ҳолда “Лайли ва Мажнун” достонини яратди. Айнан Навоий “Хамса”ни илк бор туркий тилда талқин этган шоир.
Навоий талқинида “Лайли ва Мажнун” ўзига хослиги ва бетакрорлиги билан ажралиб туради. Асарда, Яратганга ва инсонга бўлган муҳаббат ғояси тавсифи билан бир ўринда, беқиёс ишқ фалсафаси ҳам илгари сурилади. Баъзи бир манбаларга кўра, шоир Лайли ва Мажнун севгиси тимсолида, Сўфийлар фалсафасидаги Муҳаббатнинг юксак чўққиси – Оллоҳга бўлган муҳаббатни ифода этишга ва талқин қилишга ҳаракат қилган.
Девона дағи ёниб шитобон,
Қатъ айлаб тоғ ила биёбон.
Йўқ ҳеч сўз айтмоққа майли,
Айтур сўзи бу қадарки: «Лайли».
Ҳарён назар этса ошкоро,
Лайли назарида жилва оро.
Ҳар лафзида шавқ ҳарфи мубҳам
Ҳар ҳарфида ишқ сирри мудғам.