Нақшбандия
Нақшбандия – олам узра кенг тарқалган ва тасаввуф оламида алоҳида обрў-эътиборга сазовор бўлган сўфийлик тариқатларидандир. “Нақшбанд” сўзининг маъноси маънавиятдан келиб чиқиб, “қалблар наққоши” деган маънони англатади.
Ушбу тасаввуф тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Муҳаммад Нақшбанд 1318 йилда Бухоро шаҳри яқинидаги Қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилганлар.
Нақшбандия тариқати Ислом динидаги суннийлик йўналиши ғояларига асосланган бўлиб, унинг маънавий силсиласи Муҳаммад пайғамбаримизнинг энг яқин саҳобалари Абу Бакр Сиддиқ ҳамда Ҳазрат Алига бориб тақалади.
Ушбу тариқатнинг асосий тамойилларидан бири Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг “Дил-ба ёру, даст-ба кор” (қўлинг меҳнатда-ю, қалбинг Аллоҳда бўлсин) деб айтган сўзларидир. Нақшбандия тариқатининг бошқа тариқатлардан яна бир фарқи – бу зикри хуфия (сукут, дилда зикр тушиш) орқали қалбини поклаш.
Тасаввуф – руҳий-маънавий покланишга даъват этувчи ғоялар силсиласидир. Тасаввуф илми Қуръони карим ва Пайғамбаримиз суннатларига асосланган бўлиб, инсониятни меҳр-муҳаббат, раҳмдиллик, шавқатлик тамойиллари асосида ҳаёт кечиришга ундайди. Ҳақ таолонинг суюкли бандаси бўлмоқлик интилишларида тасаввуф олимлари Аллоҳнинг Қуръони каримда “Ва Биз унга (инсонга) жон томиридан ҳам яқинмиз” деб марҳамат қилган сўзларини ёдга оладилар.
Қуръони каримда марҳамат қилинганидек, Муҳаммад Расулоллоҳ оламларга раҳмат қилиб юборилганлар.
Ислом – инсониятни тинчликка чақирувчи, меҳр-мурувват, раҳм-шавқат, инсон эркинлиги, турли халқ ва динга мансуб инсонларнинг ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечириши, шунингдек, илм-фан тараққиёти, билим олиш, инсон тафаккурининг ривожи каби маънавий қадриятларни тарғиб этувчи диндир.
Қуръони каримда “Сизлардан ҳар бирингизга алоҳида шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа, ҳаммангизни бир уммат қилиб қўяр эди. Аммо У сизларни Ўзи ато этган нарсада синамоқ истайдир. Яхшиликка шошилингиз” деб марҳамат қилинади.
Яна бир оятда “Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик” дейилади.
Қуръони каримнинг қарийб барча суралари Аллоҳнинг меҳрибон ва раҳмли экани ҳақидаги оят билан бошланади. Чинданда, раҳмдиллик ва меҳрибонлик Ислом динининг энг асосий тамойилларидан бўлиб, бу фазилатларга эга бўлмоқ барча мусулмон киши учун фарз.