Notice: Function _load_textdomain_just_in_time was called incorrectly. Translation loading for the wordpress-seo domain was triggered too early. This is usually an indicator for some code in the plugin or theme running too early. Translations should be loaded at the init action or later. Please see Debugging in WordPress for more information. (This message was added in version 6.7.0.) in /home/httpd/vhosts/fondkarimov.uz/httpdocs/wp-includes/functions.php on line 6114
Авлодларни боғловчи ришта - ФОНД КАРИМОВА
Ислом Каримов Фонди

Авлодларни боғловчи ришта

Ислом Каримов номидаги фонд Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ва замонавий санъатини тарғиб этиш борасида ҳам бир қатор ишларни амалга оширмоқда. Бу борадаги дастлабки лойиҳа “Авлодларни боғловчи ришта” деб аталиб, ушбу кўргазмани 2017 йил июнь ойида ўтказиш режалаштирилган. Мазкур лойиҳа марғилонлик машҳур Мирзааҳмедовлар сулоласи ижодий мероси ва замонавий тажрибаси орқали бетакрор миллий ипакчилик санъатини оммалаштиришга қаратилган.

Расул Мирзааҳмедов ушбу сулоланинг ипакчилик санъати анъаналарини муваффақият билан бойитиб келаётган ёрқин намояндаларидан саналади. Кўргазмада Марғилон абрбанди матоларининг сўнгги ўн йилда яратилган энг сара намуналари билан бирга, тўқувчилик ҳунарига оид фотосуратлар, Турғунбой Мирзааҳмедовнинг нақш-расмлари ҳамда ҳужжатли фильм намойиш этилади.

Отаси – марғилонлик машҳур уста ҳунарманд Турғунбой Мирзааҳмедов ишини муносиб давом эттираётган Расул Мирзааҳмедов Бухоро аъло бахмали (бу матодан асосан қимматбаҳо байрам либослари тикишда фойдаланилган) каби йўқолиб кетган беназир матоларни тиклашга муваффақ бўлди.

Шунингдек, моҳир ҳунарманд Р.Мирзааҳмедов аълоча, Хоразм турма белбоғи каби буткул унутилаёзган матоларни қайта тиклаган. Расул Мирзааҳмедов “Табиий бўёқлар сири” (2007) ва “Табиий бўяш усуллари” (2015) китоблари муаллифи ҳамдир. Уста ҳунарманд санъат асари даражасидаги ишларида анъанавийлик билан замонавийликни маҳорат билан уйғунлаштиради. Унинг отаси Турғунбой Мирзааҳмедов умрини қўлда тўқиш санъатини ўрганиш, такомиллаштириш ва кўп асрлик анъаналарни сақлашга бағишлади. Моҳир уста шойи, беқасаб, адрас, банорас каби унутилиб кетган матоларни қайта тиклади.

Кўргазма доирасида илк бор марғилонлик тўқувчи-ҳунармандлар – машҳур абрдандчилар сулоласининг ижодий сирлари, ўзига хос усуллари ҳақида маълумот берилади. Кўргазмада кенг томошабинлар оммаси – пойтахтимиз ва вилоятларимиз вакиллари ҳамда хорижлик меҳмонлар қатнашиши кўзда тутилган. Бу каби тадбирлар ўзбек ипакчилигини тиклаш ва ривожлантириш, халқ усталарининг мақомини ошириш, шунингдек, замонавий абрбандчилар маҳсулотларини миллий ва халқаро санъат бозорида фаол тарғиб этишга хизмат қилади. Кўргазмага республикамизнинг тегишли вазирлик ва идоралари билан келишув – махсус дастур асосида ёш авлодни ҳам кўпроқ жалб этиш  режалаштирилган.