Бухоро вилоятидаги мактаблар реконструкцияси
Ислом Каримов номидаги фонд томонидан капитал таъмирланган Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги икки мактаб ўқувчиларга ўз эшикларини очди. Бу – Фонд шафелигида амалга оширилган биринчи лойиҳадир.
5- ва 43-умумий ўрта таълим мактабларининг 1961 ва 1980 йилларда қурилган биноси яроқсиз аҳволда бўлиб, уларни буткул реконструкция қилиш лозим эди. Таъмирлаш-қурилиш ишлари бошида иншоотнинг эски конструкциясидан воз кечишга тўғри келди, фақат пойдевор ва девор қолдирилди. Қўшимча мажлис ва спорт заллари қурилди. Мактаблар ҳовлисида янги футбол, волейбол, баскетбол, гандбол майдонлари ва теннис корти бунёд этилди.
341 бола сабоқ олаётган 43-мактаб учун қўшимча 5 та синфхона қурилгач, ўқувчилар машғулот учун қўшни мактабга қатнаш ташвишидан қутулди. 711 болани ўз бағрига олган 5-мактаб учун эса замонавий жиҳозлар билан таъминланган янги гимнастика зали ва ошхона чинакам туҳфа бўлди. Иншоотлар пойдевор ва девори мустаҳкамланди, коммуникация, иситиш тизими ва сантехника жиҳозлари янгиланди, замон талабларига мос ичимлик суви, канализация ҳамда ёнғин хавфсизлиги тармоғи ўрнатилди. Ўқув ҳамда маъмурий бинолар замонавий мебель, жиҳозлар ва компьютер техникаси билан таъминланди. Кимё, физика, биология, информатика, меҳнат каби фанлар ўқитиладиган хоналар ҳам махсус жиҳозланди.
«Ислом Каримов Фонди номидан барча ўқувчи, мураббий ва ота-оналарни мактабларнинг очилиши билан чин дилдан самимий қутлайман. Барчамизга маълумки инсоннинг келажагига пойдевор айнан мактабда солинади. Бу икки маскан кўплаб иқтидорли йигит ва қизларни етиштиради деб астойдил умид қиламан. Таълим жараёни самарали кечиши учун биз бу ерда барча қулай шароитларни яратишга ҳаракат қилдик. Ушбу мактаблар битирувчилари билан ҳали бутун Ўзбекистонимиз фаҳрланишига тилакдошман», – деди Лола Каримова-Тилляева мактабларнинг қайта очилиши муносабати билан.
Ислом Каримов номидаги фонд мустақил Ўзбекистон давлати асосчиси ва Биринчи Президентининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида таъсис этилган. Фонд шафелигида Ўзбекистоннинг тарихий-маданий ва адабий меросини тарғиб этиш мақсадида мамлакатда ва хорижда дастурлар амалга оширилмоқда. Фонд ёшларимиз салоҳиятини рўёбга чиқариш ва ривожлантириш, шунингдек, олий ўқув юртлари ҳамда мактаб ўқитувчилари ва тиббиёт ходимлари малакасини оширишга қаратилган бир қатор илмий-маърифий ва маданий дастурларни амалга татбиқ этмоқда.