Ислом Каримов Фонди

Тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш

Тарихий-маданий мерос миллий ўзликни англашга кўмаклашади, авлодларга ўтмиш маданияти ва анъаналари хусусида хабар бериб, халқнинг дунё тамаддунидаги ўрнини кўрсатади. Ўзбекистоннинг бой ва бетакрор тарихий-маданий ҳамда адабий меросини асраб-авайлаш ва авлодларга тўкис етказиш мақсадида Ислом Каримов номидаги фонд юртимизда ва хорижда бир қатор чора-тадбирларни амалга оширади.

Низомда белгиланган мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, Фонд маданий-маърифий ва илмий манбаларни чоп этиш ва тарқатиш, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёт вакиллари асарларини чет тилларига таржима қилиш ва нашр этишга кўмаклашади. Бундан ташқари, ўзбек халқи ҳақли равишда ғурурланадиган бой миллий анъаналаримиз, маданият, санъат, ҳунармандлигимизга бағишланган асарларни чоп этиш кўзда тутилган.

Фонд тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда юртимизда ва хорижда маданий-маърифий тадбирлар, жумладан, концертлар, тақдимотлар ва кўргазмалар уюштиради, Ўзбекистон илм ва санъат аҳлининг хорижлик ҳамкасблари билан тажриба алмашув дастурларини қўллаб-қувватлайди.

Фонд, шунингдек, Ўзбекистон замонавий тасвирий санъат мактаблари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва улар фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Бу борада пешқадам муаллифлар ижодий ишларини жамлаш, атоқли ва ёш ўзбек ижодкорлари кўргазмаларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, миллий ҳунармандликни қўллаб-қувватлаш, турли маданият муассасаларида хайрия кўргазмалари ташкил этиш мақсадида санъат асарларини сотиб олиш режалаштирилган.

Фонд келгусида мазкур йўналишдаги фаолиятини янада кенгайтириб, юртимиз тарихий-маданий меросини муҳофаза этишга қаратилган янги-янги лойиҳаларни рўёбга чиқаришни мақсад қилган.

Fikr bildirish yopilgan.