Ислом Каримов Фонди

Таржимаи ҳол

Ислом Каримов – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, 1989 йилдан 2016 йилга қадар мамлакатни бошқарган доно раҳбар, миллат етакчиси. Бир асрдан ошиқ вақт мобайнида чор Русияси ва Совет Иттифоқи таркибида бўлган Ўзбекистон унинг саъй-ҳаракатлари билан асрий орзу – мустақилликка эришди.

Давлат раҳбарининг фазилатлари халқ ва мамлакат тақдирига ҳал этувчи таъсирга эга экани маълум. Ислом Каримов фавқулодда зукко сиёсатчи, кучли жасорат, букилмас ирода соҳиби сифатида содир бўлаётган мураккаб воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини теран англаган, ҳар бир юртдошининг тақдири учун алоҳида масъулиятни ҳис этган. Ўзбекистон аҳли уни ҳақли равишда мустақил мамлакатнинг меъмори, истиқлол курашчиси ва порлоқ истиқбол асосчиси деб билади. У халқаро майдонда Мустафо Камол Отатурк (Туркия), Шарль де Голль (Франция), Жорж Вашингтон ҳамда Франклин Рузвельт (АҚШ), Маҳатма Ганди (Ҳиндистон), Уинстон Черчилль (Буюк Британия) сингари давлат арбобларидек обрў-эътибор қозонди. Дунё сиёсатининг етакчи намояндалари унинг фикрига қулоқ тутди. У мудом халқ манфаатларини ўйлаган, ҳамиша мамлакат тараққиёти ва фаровонлигини кўзлаб фаолият юритган оқил ва доно давлат раҳбари, моҳир сиёсатчи эди.  

Тарихнинг мушкул палласида – Ўзбекистон фуқаролар уруши, миллатлараро ихтилоф ва кучли ижтимоий-иқтисодий буҳрон ёқасида турган бир даврда у мамлакат раҳбари бўлди. Бу Яратганнинг инояти эди, зеро, унинг раҳбарлигида жар ёқасидаги давлат тараққиёт йўлига ўтди, тадрижий равишда замонавий, озод ва обод мамлакатга айлана борди. Ўзбекистон унинг раҳнамолигида жамият ҳаётининг барча жабҳаларида юксак ютуқларга эришди, бой берилган миллий ғурур ва қадр-қиммат, кўҳна тарихий-маданий мерос ва маънавий қадриятлар тикланди.   Ислом Каримовнинг улуғвор шахсияти ва давлат арбоби сифатидаги машаққатли фаолияти боис Ўзбекистон бугун ўзига хос ва мос тараққиёт йўлидан дадил одимламоқда.   Озод ва обод Ватан тимсоли, мустақиллик кафолати! Ислом Каримов шахсиятини очиб берадиган, юрт тараққиёти, халқ фаровонлигига қўшган ҳиссасини кўрсатадиган бу каби холис ва ҳаққоний таърифларни истаганча келтириш мумкин.  

Метин ирода ва қатъият соҳиби бўлган Биринчи Президент улуғ сарбон сифатида улкан мақсадларни илгари сурди, халқни уларга ишонтира олди, шу тариқа мамлакатда аҳиллик, бирдамлик муҳити яратилди. Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймосида Ўзбекистон чинакам Юртбошига эга бўлди. У халқ дардига қулоқ тутиб, унинг кўнглига йўл топа олди, тинчлик ва осойишталикни таъминлади, энг муҳими, кўп миллионли халқни Ватан тараққиёти йўлида бирлаштириб, оламшумул ислоҳотларга сафарбар этди.

Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида хизматчи оиласида туғилди. Миллати – ўзбек. 1955 йили Самарқанддаги А.С.Пушкин номли 21-ўрта мактабни тамомлади. 1960 йили Ўрта Осиё политехника институтини (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) муҳандис-механик мутахассислиги бўйича тугатди. Меҳнат фаолиятини 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида бошлаб, мастер ёрдамчиси, мастер, технолог вазифаларини бажарди. 1961 йилдан В.П.Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор бўлиб ишлади. Ислом Каримов 1966 йилда Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, бўлим етакчи мутахассиси, раис ёрдамчиси, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи, Давлат план комитети раисининг ўринбосари ва биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритди. 1967 йили у Тошкент халқ хўжалиги институтини (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) тамомлаб, иқтисодчи мутахассислигини олди. Иқтисод фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди. Ўзбекистон ССР Молия министри (1983-1986), Давлат план комитети раиси ва Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раисининг ўринбосари (1986), Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби (1986-1989), Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби (1989-1991) лавозимларида ишлади. 1990-1991 йилларда Совет Иттифоқи Компартияси Марказий Комитети ва Сиёсий бюроси аъзоси бўлди.

1990 йил мартда Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида И.Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди. 1991 йил 31 август куни Ислом Каримов тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини эълон қилди. 1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайланди. 1995 йил 26 мартда ўтган умумхалқ референдуми якунига кўра унинг президентлик ваколати 2000 йилга қадар узайтирилди. 2000 йили муқобиллик асосида ўтказилган сайловда Конституцияга киритилган ўзгартишга мувофиқ Ислом Каримов 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 2007 йил 23 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган сайловда Ислом Абдуғаниевич Каримов 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 2015 йил 29 мартда муқобиллик асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Конституцияга киритилган ўзгартишга мувофиқ Ислом Каримов 5 йил муддатга давлат раҳбарлигига сайланди.

Ўзбек халқининг улуғ фарзанди, мустақил Ўзбекистон давлати асосчиси ва Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни оғир хасталикдан сўнг 78 ёшида вафот этди.

Fikr bildirish yopilgan.