Ислом Каримов Фонди

Чор минор

Бухорода жойлашган ҳамда Чор минор (тўрт минора) номи билан машҳур бўлган Халфа Ниёзқул мадрасаси ЮНЕСКОнинг  Бутунжаҳон маданий меъроси Рўйхатига киритилган.

Чор минор ҳижрий 1222 йилда (ҳозирги тақвим бўйича 1807 йил) бунёд этилган. Тўртта бурчагида тўртта минора жойлашганлиги сабабли иморат Чор минор деб аталган. Бир пайтлар бинонинг иккинчи қавати ва минораларида катта кутубхона бўлган деб ҳисобланади.

Сайёҳлик йўлкўрсаткичлари ва маълумотномаларида Чор минор мадраса сифатида белгиланган бўлсада, аслида бу чортоқ мадрасанинг бош кириш йўли бўлиб, барча иморатлар мажмуаси эса тўлалигича сақланиб қолмаган. Шунга қарамай, ўша даврда яшаган инсонлар тавсифлари ва археологик тадқиқотларга асосланиб ушбу мажмуанинг илк кўринишини тасаввур этиш мумкин. Диндорлар боши узра турган осмон каби гумбаз остида олти қиррали пешайвон жойлашган бўлиб, ундан тўртта чиқиш йўли очилган ва улар оламнинг 4 томонига йўналтирилган. Тепа қисми гумбаз шаклида якунланган 4та минора нафақат олам томонлари, балки Бухорода ҳукмронлик  қилган 4та сулола – Сомонийлар, Қорахонийлар, Шайбонийлар ва Манғитлар рамзи бўлиб ҳам хизмат қилади.

Чор Минорнинг  барпо этилиши тўғридан-тўғри бухоролик савдогар – Ниёзқулибек номи билан боғлиқ. У ўша давр савдогарлари сингари ўз карвони билан Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат қилган ҳамда узоқ сафарларида кўрган бинолар билан завқланган. Шундай қилиб, Хайдорободга қилган сафарида у Чорминор деб аталмиш, тўртта баланд минорали ва куб шаклидаги зафар дарвозани кўриб ҳайрону-лол бўлиб қолади. Аграга борганида эса гумбазининг тасвири ҳовуздаги сув юзасида акс этган ҳамда кириш дарвозалари 4 нафар минора билан безатилган Тож Маҳал мақбараси уни ҳайратга солади.

Бухорога қайтганидан сўнг Ниёзқулибек ўз олдига меъморлар ва астрономларни таклиф қилади ҳамда ўз чизмаларига кўра мадраса қуришни буюради. Бино солиш вақтида меъморлар қуйидаги иккита қоидага риоя қилишлари керак эди: биринчидан, мадраса Буюк Ипак йўлида шундай жойлашсинки, ўтаётган карвонлар бемалол унга йўл топсинлар ва кириб ҳордиқ чиқарсинлар. Иккинчидан, мадрасага кирган ҳар бир киши хаёлида, “барчамизнинг бошимиз узра битта осмон бордир ва бутун олам аҳли ёлғиз Оллоҳ олдида тенгдир”, деган  таассурот қолсин.