Ислом Каримов Фонди

Ислом Каримов номидаги фонднинг хорижда таҳсил учун грантлари

Ислом Каримов номидаги фонд табиий фанлар (қайта тикланувчи энергия манбалари ва кимё),  сув ва ер ресурсларини бошқариш, машинасозлик технологиялари, озиқ-овқат технологиялари, озиқ-овқат хавфсизлиги, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва маркетинги, архитектура (шаҳарсозлик, тарихий обидаларни муҳофаза этиш ва қайта тиклаш), дизайн (маҳсулот дизайни, саноат ва меъморчилик дизайни) ҳамда рассомлик мутахассисликлари бўйича Европа ва АҚШ олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида таҳсил олиш грантлари учун республикамиз ҳамда чет эл олий таълим даргоҳларини муваффақиятли битирган, хорижий тилларни биладиган иқтидорли ва истеъдодли йигит-қизлар ўртасида танлов бошланганини эълон  қилади.

Чет элда (икки йилгача) таҳсил олиш ва яшаш харажатлари тўлалигича Фонд томонидан молиялаштирилади. Фонд грантини олишни истаган номзодларга қўйиладиган асосий талаблар:

  • фаолиятини миллий истиқлол ғояларига бағишлаш, Ватани ва халқининг иқтисодий ва маънавий равнақига хизмат қилмоқни бурчи ва ҳаётий маслаги деб билиш;
  • умумбашарий ва миллий қадриятлар руҳида тафаккур юритиш, кенг дунёқараш ва юксак ахлоқий фазилатлар соҳиби бўлиш;
  • танлаган мутахассислиги бўйича чуқур билимга эга бўлиш ҳамда камида битта хорижий тилни аъло даражада билиш.

Танловнинг биринчи босқичида талабгорлар инглиз ва олмон тиллари бўйича махсус имтиҳон топширади. Хорижий тил бўйича тестда энг яхши натижаларни қайд этган номзодлар мутахассислик бўйича тест ва суҳбатдан ўтади.

Ислом Каримов номидаги фонд Ўзбекистонни, унинг таълим мактаби ва илмий анъаналарини чет элда муносиб танитиш, тегишли мутахассисликлар бўйича замонавий билимларни тўкис эгаллаш йўлида муваффақият тилайди.

Ҳужжатлар шанба ва якшанбада ташқари ҳар куни соат 9-00 дан 13-00 га қадар қабул қилинади.
Талаб этиладиган ҳужжатлар, танлов шартлари ва муддатлари тўғрисидаги маълумотларни қуйидаги манзилда олиш мумкин:
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Мовароуннаҳр кўчаси 24-уй.
Мурожаат учун тел.: +99895 1980122, +99871 2373420, +99871 2373813.
Telegram тармоғидаги каналимиз – @FondKarimov